Савол беринг, жавоб берамиз

Кимлар ногирон деб эътироф этилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон қарори билан тасдиқланган «Фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 27-бандига кўра, қуйидагилар тиббий кўрикдан ўтказилувчини ногирон деб эътироф этиш учун асос ҳисобланади:

> соғлиқнинг организм функцияларининг барқарор бузилган ҳолда ёмонлашиши;

> ҳаёт фаолиятининг чекланганлиги (шахс томонидан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш, мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш, ўқиш ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланиш лаёқати, имкониятининг тўлиқ ёки қисман йўқолиши).


Ногиронлик гуруҳи қандай белгиланади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сонли қарорининг 1-иловаси I боб 22-бандига асосан, ҳаёт фаолиятининг чекланганлиги даражасига қараб, тиббий кўрикдан ўтказилувчига, асосий касалликнинг клиник ўтишини, унинг асоратларини ва клиник-эксперт прогнозини, шунингдек, фуқаронинг меҳнат фаолияти турини ҳисобга олган ҳолда, ногиронликнинг биринчи, иккинчи ёки учинчи гуруҳи белгиланиши мумкин.

Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 15 сентябрда 2005-сон билан рўйхатга олинган, “16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш ҳақида тиббий хулоса бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига кўра,болаларни ногирон деб топиш уларнинг қонуний вакиллари — ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қайта тиббий кўрикдан ўтказилади. Қачонки…

Низомнинг 33-бандига кўра, қайта тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланган тартибда соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда, ногиронликни белгилашнинг тўғрилиги бош ТМЭК, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текширилганда, ТМЭК қарорининг асоссизлиги ҳолатлари аниқланганда, шунингдек, агар ТМЭК қарори сохта ҳужжатлар асосида чиқарилганда ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда амалга оширилади.

Муддатсиз ногиронлар деб эътироф этилган шахслар ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Низомнинг 34-бандига асосан, органлар функциялари ҳамда организм тизимларининг қайта тикланадиган, такрорий морфологик ўзгаришлари ҳамда бузилишлари содир бўлганда, даволашнинг ва ўтказилган реабилитация тадбирлари самарадорлигини, соғлиқнинг ҳолатини ҳамда ижтимоий мослашиш даражасини кузатиш мақсадида ногиронларни такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказишлар ногиронлик белгиланган вақтдан бошлаб олти ойда, бир ёки икки йилда бир марта амалга оширилади.

Шунингдек,

Органлар функциялари ҳамда организм тизимларининг барқарор, қайта тикланадиган морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари содир бўлганда, амалга оширилган реабилитация тадбирларининг самарасизлиги оқибатида касалликнинг ўтишини ва саломатликни тиклашни, ижтимоий мослашувни яхшилаш мумкин бўлмаган тақдирда ногиронлик белгиланган тартибда тасдиқланган касалликлар ва анатомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ муддатсиз белгиланади.


 “Боламни ногиронлик нафақасига чиқариш мумкинми?”

6 ёшли болам бор. Оёғи маймоқ, операция қилинди. Уни ногиронлик нафақасига чиқаришим мумкинми?

У. Садриддинова, Самарқанд

Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 15 сентябрда 2005-сон билан рўйхатга олинган “16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш ҳақида тиббий хулоса бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кўра, ТМК томонидан бериладиган болаларни ногирон деб топиш тўғрисида тиббий хулоса болаларга ижтимоий нафақа тайинлашга асос бўлади.

Болаларни тиббий текширувлардан ўтказиш жараёнида шифокорлар (педиатр, терапевт, психиатр, фтизиатр ва бошқалар) томонидан «16 ёшгача бўлган ногирон болаларга нафақа олиш ҳуқуқини берувчи тиббий кўрсатмалар рўйхати»да кўрсатилган касалликлар ва ногиронлик белгиларини аниқлаган ҳолларда, болаларнинг тиббий ҳужжатлари асосида ота-оналариларнинг доимий яшаш жойидаги ТМК томонидан тиббий хулоса расмийлаштирилади.

Мазкур масала юзасидан тўлиқроқ тушунтириш беришни сўраб ўзингиз яшаб турган жойдаги ТМК раҳбариятига мурожаат этишингизни тавсия этамиз.


Кимлар уйда ўқитилади?

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий химоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ногирон болаларнинг оилада таълим олишида ота-онага ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга ёрдам кўрсатиши шарт.

Сурункали касалликларга чалинган, суяк сили, полиомиелит, церебрал спастик фалаж, Литтл касаллигини бошдан кечирган, психопатия, эпилептика ва бошқа турдаги касалликлар билан оғриган болалар, агар тегишли тиббий хулоса мавжуд бўлса, шунингдек, болалар касалхоналари (клиникалари) ва катталар касалхоналарининг болалар бўлимларида узоқ вақт мобайнида даволанаётган болалар якка тартибда уйда ўқитилиши керак.

Бундай ўқувчиларга якка тартибда уйда дарс бераётган ўқитувчилар мактабда ойлик умумий дарс соатлари сонига эга бўлиши керак.

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, давлат оилада таълим олишга ва мустақил равишда таълим олишга кўмаклашади. Болаларни оилада ўқитиш ва мустақил равишда таълим олиш тегишли таълим муассасаларининг дастурлари бўйича амалга оширилади. Таълим олувчиларга ваколатли давлат муассасалари томонидан услубий, маслаҳат ва бошқа йўсинда ёрдам кўрсатилади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан А. Содиқова тайёрлади