Хуқуқингизни биласизми?

Маълумот учун:

Ўзбекистонда кейинги ўн йил ичида:

* ногиронлар сони 1,2 баробар, болаликдан туғма ногиронлар 1,5 баробар, биринчи марта ногирон деб топилганлар сони 2 баробарга камайди;

* муҳтож ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан тўлиқ таъминлашга эришилди.


Ногиронликни белгилаш ҳақидаги қарордан норози бўлсангиз

Низомнинг 37-бандига мувофиқ, сиз ТМЭКнинг III гуруҳ ногиронлиги белгилаш ҳақидаги қароридан норози бўлсангиз, бир ой мобайнида бош ТМЭКга ёки белгиланган тартибда, судга мурожаат қилишга ҳақлисиз. Ариза тушгандан кейин 3 кун мобайнида туманлараро ихтисослаштирилган ТМЭК қайта тиббий текшириш далолатномасини бош ТМЭКга беради, бош ТМЭК эса кейинги 15 кун ичида ариза берувчини қайта тиббий кўрикдан ўтказади ва ўз хулосасини чиқаради. Фуқаро бош ТМЭК хулосасидан ҳам рози бўлмаган тақдирда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясига ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.


Ҳам нафақа, ҳам моддий ёрдам

Ногиронлик нафақасини олиб турган шахс маҳалладан моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эгами?

Н. Аҳмедов, Қарши

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон Қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига биноан, моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади. Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ҳам киритилади.

Ушбу Низомнинг 9-бандига мазмунан таянадиган бўлсак, қуйидагилар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

​ ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

​ ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

​ ёлғиз пенсионерлар.