Дил изҳорлари


Инсон учун қўли очиқликдан ортиқ фазилат йўқ.

Бизнинг Баҳрин маҳалламизда меҳр-мурувватли инсонлар кўп. Улар доимо биздек имконияти чекланган кишиларга кўмак беришади. Рўзимуҳаммад Сўпиев, ака – ука Мирзаобид ва Орифжон Ҳамдамовлар, Мўминжон Аҳмаджонов, Ҳикматилло Маруфзода, Осимхожи Қосимов, Маҳмуджон Мирзакаримовлар шулар жумласидандир.

Ногиронлар жамияти шаҳар бўлинмасининг бир қатор тадбирлари ибратлидир. Яқинда миллий таомлар ошхонасида олти нафар кам таъминланган оила болаларига катта тўй қилиб берилди. Тўй болаларга бошдан оёқ сарупо ва совға саломлар ҳадя этилди. Набирамиз ҳам шу олти тўй боланинг биридир. “Наврўз” байрами ва Халқаро ногиронлар куни муносабати билан якка ёлғизлар, кам таъминланган оилалар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари таклиф этиладилар. Бир жойда ётган беморлардан уйларига бориб ҳабар олинади.

Ҳабибулло Ҳамдамов I-гуруҳ  ногирони,

Марғилон шаҳар бўлинмасининг раёсати аъзоси


Меҳри дарё инсон

Раисимиз Фазлиддин Тилаволдиев  ногиронларга ғамхўр, меҳрибон дўст, кексалар ўртасида дилдор суҳбатчи. У билан учрашган инсон яна бир бор учрашгиси, дилдан давра қургиси келади. Топиб айтган сўзларига киши тўймайди.

Ўғлим Умиджон биринчи гуруҳ ногирони. анча вақтдан бери ногиронлар аравачасига муҳтож эдик. Ногиронлар жамияти Қўқон шаҳар бўлинмасига мурожаат қилиб тўғри қилган эканмиз. Фазлиддин аканинг саъй-ҳаракати билан бир ярим ой ичида ногиронлик аравачасини олдик. Ўғлимнинг кўнгли кўтарилди, ўзида йўқ хурсанд, — деб ёзибди “Қадрият” газетасида

Х.Ашурова,

Қўқон шаҳар Арзиктепа кўчаси 64-уй 


Яхшиликнинг умри узоқ

 

Туманимизда “Мафтункор ранглар жилоси” расмлар кўрик-танлови ҳар йили ўтказиб борилади. Кўрикка катта тайёргарлик билан қатнашамиз. Она Ватанимиз – Ўзбекистон, бахтли ёшлигимиз, тинчлик ва осойишталикни тараннум этувчи расмларни зўр иштиёқ билан чизамиз. Кўргазмага қўйилаётган ижод намуналаримиз кишиларда зўр қизиқиш уйғотаётганлиги билан фахрланамиз.

Мен туман биринчи ўринга сазовор бўлиб, вилоят кўрик-танловида қатнашдим. Шукурки, вилоятда совриндор бўлиб. Тошкентга йўлланма олдим. Пойтахт менда катта таасурот қолдирди. Замонавий бинолар, кенг йўллар, гулга тўлган боғу майдонлар, айниқса меҳрибон тошкентликлар дилимда завқ-шавқ уйғотди.

Кўрик-танловдан сўнг ногиронлар жамияти туман бўлинмаси раиси Одилжон ака Шайхов мени Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли протез –ортопедия марказига олиб бордилар. Негаки, сон суяним бир ярим ёшга тўлганимда тўпиғимдан синган эди. Институтда мени обдон текширишиб, олиб қолишди. Шифокорларга раҳмат. Аввал қўлтиқ таёқда юрган бўлсам, ҳозирда ҳасса таяниб ҳаракат қиламан. Туман ҳокимлиги менга компьютер тақдим этди. Яхшигина оператор бўлиб қолдим. Ниятим технология соҳасида ўқишдан иборат.

Жавлон Аҳмадалиев,

Қўштепа тумани Дўрмон қишлоғи


Матонатли Олтинбой

Олтинбой ОМОНОВ Риштон туманинг Тўда қишлоғида таваллуд топди. У болалигиданоқ, ҳар бир ишни ҳисоб-китоб билан юритишга одатланган. «Хисобсиз иш — келтирар ташвиш» деб кўп такрорларди отаси. Ота-онасининг ўгитлари, панд-насиҳатлари уни ҳар бир ишни шошмасдан, обдон ўйлаб бажиришга ундади. Ту­мандаги 7-ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёк, ҳисобчилик касбига ҳаваси бор эди. Ҳаваслар аста-секин орзуга, орзулар эса мақсадга айланди. Мактабни битиргач, Фарғона қишлоқ, хўжалик техникумига йўл олди. 1974 йили мазкур билим юртини тамомлагач Тўда қишлоқ йиғинида ҳисобчи бўлиб иш бошлади. Кейинчалик ўзи ўқиган мактабда фаолият юритди. Қаерда, қайси даврада бўлмасин ўзининг ҳалоллиги, фидоийлиги, тиришқоқ ва самимийлиги билан атрофдагиларнинг меҳрини, ҳурмат — эътиборини қозона олди.

Тақдир пешонасига бир қис­мат ёзмишки, имкония­ти чекланган иккинчи гуруҳ ногирони. Лекин Олтинбой қисматнинг бу синовларини матонат билан енга олган. Айтмоққа, битмоқа осондир бу синовнинг изтироблари, дил туғёнлари. Ҳаёт майдонида, умрнинг бундай имтиҳонидан енгилмай, мардона яшамоқнинг, жамиятда ўз ўрни, ўз йўли бўлиши учун курашмоқнинг ўзи бўлмайди.

Олтинбой ака тушкунликка бош эгмади, Йўлини тўсган дард-аламларни писанд килмади. Эл — юрт учун бор меҳрини, шижоатини бахш этди. У тумандаги барча имконияти чекланган шахсларни кўнглига йўл топа олиш, имкон даражасида уларни иш билан таъминланишларига кўмаклашишни истарди. Ана шу эзгу ният билан у 2001 йилда туман ногиронлар жамиятида ҳисобчи бўлиб иш бошлади. Табиатан қизикувчан, интилувчан Олтинбой Омонов но­гиронлар учун яратиб берилган барча имтиёзларни жамият аъзоларига етказиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тадбиркорлик фаолиятларини ри­вожлантириш учун тинимсиз ишлади. Имконияти чекланган шахсларни жамиятдаги ўз ўрнини топишлари учун интилди. Мана ўн йилдирки Риштон туман бўлими раиси бўлиб ишласоқда.

Ишонч инсонга катта куч берар экан, — дейди О.Омонов. Ташкилотимизга келиб бор дарди, ғамини айтиб нажот кутаётган жамиятимиз аъзоларига имкон даражасида ёрдам беришга интиламан.

Бизни ҳамиша қўллаб-қувватлайдиган ҳомийларимиз «Чинни за­води», Матлубот савдо акциядорлик жамияти, пахта тозалаш ҳиссадорлик жами­яти жамоаларига рахматлар айтамиз.

Яратганга шукурки, уч нафар фарзандим, ҳавас қилгулик оилам, жамоам бор. Уларга суянч булаолаётганимдан, камолини кўраётганимдан қувонаман.

Муштарийбону МАНСУРОВА