Бизнинг ҳаётимиз


 Баҳор фасли Қувасой қир-адирларига алвон гиламини ёяди. Майин эсган эпкинлар кишида баҳорий завқ-шавқ уйғотади. Бепоён далалар ва боғларда меҳнат қўшиғи янграйди. Завқли меҳнат қувончи эса чексиз.

Ўғилой Дўстматова

Дилларга нур сочиб

Истиқлол шарофати билан яшараётган ва яшнаётган Қувасой шаҳри олийжаноб кишиларининг меҳр-муруввати қуёш янглиғ ногиронлар ҳаётига ҳам нур сочмоқда. Ўғилой Дўстматова ўн йилдирки шаҳар Ногиронла жамияти бўлинмасини бошқариб келмоқда. У шаҳардаги 1300 нафар жамият аъзоларининг яқин маслаҳатдоши, ҳаётларидаги доимий кўмакдоши.

Бўлинма имкониятлари чекланган қизларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали уларнинг ижтимоий фаолиятини ошириш Грант лойихасининг ғолиби бўлди. 80 нафар қизлар бичиш-тикиш ва тўқиш касбларига ўқитилиб ҳаётга йўлланма олдилар. Ҳозир улар ўз касб-корлари бўйича меҳнат қилмоқдалар.

Шаҳардаги бир қатор тадбиркорлар билан ҳамкорликда ногиронларнинг бандлик масаласи ҳал қилиб келинмоқда. “Қувасой-Цемент”, “КВАРЦ” заводи, чинни махсулотларни ишлаб чиқариш корхоналари бу соҳада амалий ёрдам бериб келмоқдалар.

Шуни айтиш керакки бўлинмада байрамларда ногиронларни йиғиб дастурхон солинади, совға саломлар берилади.

Эзгу ишларда шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин қизлар қўмитаси раисаси Муборакхон Маткаримова ёрдамлашадилар. Ўтган йилларда йигирмадан зиёд ана шундай тадбирлар уюштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат, нотиржорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 5 та танловида иштирок этиб, грант сохибига айланди.


Омилкорлик билан

Фермерлик фаолиятини ривожлантиришга берилаётган эътибор фермерларимизни ҳамиша дадил  ишлашга, улуғ мақсадлар сари интилишга чорламоқда. Бешариқ туманида фаолият юритаётган “Бешариқ салтанати” фермер хўжалиги раҳбари Шавкатжон Шодмонов ҳам эл-юрт назарига тушган. У раҳбарлик килиб келаётган “Бешариқ салтанати” фермер хўжалиги иш салмоғи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришда, қишлоқдошларини иш билан таъминлаш борасида ҳам олдинги сафларда бормоқда.

Юрт фаровонлиги йўлида бор куч-ғайрати, шижоати билан меҳнат қилаётган Шавкатжон Шодмонов фарзандларини эл-юрт хизматига камарбаста этиб улғайтирди. Ўғиллари ҳар бир ишда отасига, суянч, меҳнатдан қочмайдиган бўлиб вояга етишди. Олий маълумотга эга бўлишди. Отаси каби тадбиркор, ташаббускорликда кўпчиликка ўрнак бўлиб келишмоқда.

Шавкатжон Шодмонов қай масалада бўлмасин, маҳалладошларига, яқинларига кўмаклашишга интилади. Айниқса туман ногиронлар жамиятидан ўз ёрдами, саховатини аямайди. Байрамларда, яхши кунларда беморлардан ха­бар олиш, кўнгли ўксик болажонлар, ҳамқишлоқлари дардига малҳам бўлишга ошиқади. Бундай ҳайрли, савоб-талаб ишларидан кўнгли таскин топади. Унинг саъй-ҳаракати, омилкорлик билан бошцаруви туфайли омборлар донга, хонадонлар ризқу баракага тўляпти, қишлоқ обод бўляпти. Ўзига хос яшаш тарзи, иш услуби билан Шавкатжон Шодмонов ҳамқишлоқлари, ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Меҳнатдан бахт топган фермер Шавкатжон Шодмоновнинг забт этадиган юксак чўққилари, ҳали олдинда…


Мақсадлари улуғ

Ўзбекистон тумани бўлинмаси бу йил ғоят кутаринки, жўшқин кайфиятда фаолият юритмоқда. Чунки жамоа аъзолари «Ногиронларнинг ахборот-ўқув марказини ташкил этиш» лойиҳаси бўйича 6 997 200 сўмлик грант ютуғини қўлга киритган. Келгуси йилда ҳам мазкур лойиҳа бўйича 3 та компь­ютер, принтер аппарати, стол — стуллар билан жиҳозланди. Ҳамда тумандаги имко­нияти чекланган шахсларга комьпютер дарсидан сабоқ бериш ишларини йўлга кўйди. Ногиронларни кўнглини олиш, уларни жамиятда ўз ўрнини топишлари учун кумаклашиш борасида қўйилган қутлуғ қадам ўзининг натижасини кўрсатмоқда.

Бўлинма раиси Асқарали Эргашев ҳар бир тадбирни сермазмун, кўтаринки кайфиятда, масъулият билан ташкиллайди. Халқаро Ногиронлар куни муносабати билап тумандаги «Жасур» ошхонасида ўтказилгап анжуман ҳам ғоят жонбозлик билан уюштирилди. Анжуманнинг файзли, ўтишида беминнат саховатини аямаган «Собир Манзура Омад» фермер хўжалиги, «Нур таратган мурувват» жамоаси, пахта тозалаш заводи, Матлубот савдо, «Миржаҳон» фирмаси, Буруж НРМ ўқув савдо-ишлаб чиқариш шўъба корхонаси қатор ташкилотларга туман ногиронлар жамиятининг ташаккуроналари берилди.

Анжуманда сўз олган 2-гурух ноги­рони Лолахон Халилова, Озодахон Абдупаттаевалар миннатдорчилик изхор этдилар.

Бир қанча имконияти чекланган шахсларга туман АИМКБ томонидан 5та ногиронлар аравачаси, эшитиш аппарати, 10 та ҳасса тақдим этилди.

Тантанани тумандаги «Ёғду» телестудияси тасвирга туширди ва эфирга узатилиши барча қатнашчиларга чексиз шодлик улашди.

Анжуманда иштирок этаолмаган ногиронларнинг уйларига бориб, улардан хабар олинди, совгалар топширилди…

Ташкилотчи раис Асқарали Эргашов томонидан олиб борилаётган ишлардан бир лавҳа ҳикоя қилдик, холос. Зеро, ҳаёт синовларига сўз бермайдиган матонатли, изланувчан, мақсадлари улуғ Асқарали Эргашевнинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида батафсил сўзласак бир китобга етадиган асар бўла олади…


Меҳрибон сингилжонларим

 

Гўзал Фарғонамизнинг жаннатий чиройи ва ҳусну тароватини таърифлашга қалам ожизлик қилади. Унинг ширинсўз ва меҳнаткаш инсонлари ҳақида сўз айтмоқликнинг ўзи шарафдир.

Фарғонанинг мармар ҳавоси, Шоҳимардонсойнинг зилол сувлари оби- ҳаёт бахш этаётган боғу роғлари сизни гуллаб яшнаётган мафтункор диёрга чорлайди. Тўкин дастурхон атрофида ширин суҳбатлар киши умрига умр қўшиб, роҳат фароғат бағишлайди.

Ўзи асал, сўзи асал дилбарлари — Кумушбибиларининг очиқ чиройи кишини ром этмасдан қолмас. Сингилжонларимнинг ҳар соҳадаги меҳнати одамийлик фазилатлари достонларга арзигуликдур. Ҳар гал Фарғонага, жамиятимиз бўлими раёсати йиғилишига келганимда азиз сингилларимни кўриб қувонаман. Ногиронлар ҳаётига қалб нурини сочаётган меҳризиё ходималаримиз фаоллигини ҳис этаман, мурувватли ишларидан хабардор бўламан.

Кўнгли ҳамиша баҳор Малоҳатхон Орипова куни кеча шаҳарда ўтказилган ногиронлар анжумани ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Бешариқдан Фароғатхон Турдиалиева тадбиркорлар билан ҳамкорлигидан миннатдор.

Асрий чўллари гулистон бўлган Ёзёвондан қайноқ қалбли Муқаддасхон Аҳмедова фермерлар химматидан айтса, Олтиариқдан Манзурахон Қодирова туман ногиронларининг ижтимоий ҳимоясидан сўз очади. Муҳарриримиз Мухтасархон Қодирова “Меҳризиё” газетамизни қўлма-қўл бўлганидан хурсанд. Тошлоқлик шоира раисимиз Муқаддасхон Мўйдинова газетада чоп этилган шеърларидан ўқийди.

Мунисим онам

Дунёда шундайин мўътабар инсон,

Қалбимда меҳрдан бордир нур уммон.

Суюнсак суюниб, куюнсак куйиб,

Борлиғин бизларга айлаган эҳсон.

Шеъримга дил сўзим айлаб бугун жо,

Мадҳингиз онажон этайин адо.

Борлиғим бахтимсиз меҳрингиз боис,

Абадий туражак бу кўхна дунё.

Водилнинг дилбар қизи Ёрқиной Қорабоева халқаро ногиронлар кунига тайёргарлик тадбирларини айтади.

…Раёсат йиғилиши тажриба алмашиш, янгиликларни ўртоқлашиш, долзарб вазифаларни белгилаб олиш билан якунланди. Раиса сингилжонларим унинг фаол иштирокчилари бўлдилар.


Тиниб-тинчимас раисларимиз

Йил сайин чирой очаётган Хўқанди Латиф вилоятимизнинг саноати юксалган, халқи фаровон ва тинч ҳаёт кечираётган, санъат ва маданият марказларидан бири.

Фазлиддин Тилаволдиев

Бу гўзал диёрга қадам ранжида қилган киши улкан бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлади. Муҳташам ва чиройли бинолар, супермаркетлар, маиший хизмат тармоқлари, хилма-хил дўконлар кенг кўчалар ва майдонларга ярашган. Миллий меъморчилигимиз услубида қурилган маданият масканлари , турар-жойлар шаҳар ҳуснига ҳусн қўшади.

Қўқонликларнинг бағрикенглиги ва меҳмоннавозлигига қойил қоласиз. Бизни очиқ чеҳра ва хушнудлик билан кутиб олган ногиронлар жамияти шаҳар бўлинмаси раиси Фазлиддин Тилаволдиев ўз ишлари ҳақида сўзлаб берди:

Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар хокимлиги ёрдами ва иштирокида ҳомийлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, олти нафар ногиронга ногиронлик аравачаси, уч нафарига эшитиш мосламаси, беш нафарига қўлтиқтаёқ ва ҳасса олиб берилди. икки нафар ногирон хонадони хомийларимиз ёрдамида таъмирланди.

Бўлинмамизга тушган ариза ва мурожаатлар доимо эътиборда бўлади. Йил бошидан 185 нафарининг муммолари мутассади корхона ва ташкилотлар орқали ҳал қилиб берилди.

Шуни таъкидламоқчиманки, — дейди Фазлиддин Тилаволдиев, —  бўлинмамизга шаҳар марказидан ўн бир хонадан иборат бино ажратиб берилди.

Доимий хомийларимиздан бири – хусусий тадбиркор Равшанжоннинг алоҳида кўмагини айтиб ўтмоқчиман. Саҳоватпеша бу инсон миллий байрамларимизда ногиронларни озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлайди. “АИСКС” ХИЧ корхонасидан берилган ҳомийлик асосидаги  дори-дармонлар 142 нафар ногиронга тарқатилди. Қўқон спирт заводи, ГЕО физика экспедицияси, ЎзНур корпорацияси, Бантур хусусий корхонаси, “Гўзал” универмаги, “Мастона” вино-ароқ заводи, “Ойна” корхонаси ва бошқа ташкилотлар жамоаларидан миннатдормиз.

Ногиронларни ишга жойлаштириш борасида ҳам амалий ишлар давом этмоқда. Бўлинма қошида сартарошхона, газпайванд, электрпайванд, автосервис устахонаси бор. Ўн бир нафар киши шартномага асосида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Режаларимиз катта. Келгусида компьютер саводхонлигига ўқитиш,  кондитер бўлими ва тикувчилик устахонаси, уста – шогирд марказларини ташкил этмоқчимиз.

… Риштон туманига чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан кириб борамиз. Бу муқаддас диёрда жаҳонга танилган буюк аллома, ҳидоят йўлининг сарбони Бурҳониддин Марғиноний таваллуд топганлар.

Иккинчи гуруҳ ногирони Олтинбой Омоновни туманда танимаган киши кам. Раиснинг ташкилотчилиги туфайли ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишда фаоллик кўзга ташланади. Бир жойда ётган беморлар. болаликдан ногиронлар ҳол-аҳволларидан тез-тез хабар олиб, кўнгилларини кўтаради.

Сокин оқаётган Катта Фарғона каналидан ўтиб, Лангар қишлоғига кириб борамиз. Қўштепа, Қумтепа, Шаҳартепа, Лойсон, қўйингки туманнинг барча қишлоқларида, кенг далаларда қайноқ меҳнат руҳи аниқ тиниқ сезилиб туради. Узоқ-узоқлардан тракторлар овози келади. Зовур ва ариқлар ковлаётган булдозерлар шовқини ҳамма ерни тутган.

Муҳандис-механик Одилжон Шайхов дала кезади. У мехнат фаолияти давомида шунга ўрганган. Бир кун дала кезмаса, дўстлари ва шогирдлари билан ҳамсуҳбат бўлмаса хумори босилмайди.

У Ногиронлар жамияти Қўштепа туман бўлимига раис этиб сайланганидан сўнг ногиронлар ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар рўй берди.

Кейинги йилларда бўлинма грант лойихаларини уч бор химоя қилиб ўттиз олти миллион сўм маблағ олишга сазовор бўлди. Уларни асосан ногирон болаларни касб-корга ўргатишга сарфланмоқда.

“Учкўприк туманига хуш келибсиз” лавҳаси узоқдан кўзга ташланади. Пахтакору боғбонлар диёрининг равнақидан ҳамма миннатдор. Фидокорона меҳнат бахт-саодат калити эканини яхши билган уста дехқонларимизнинг шавқи баланд!

Кўркам диёрда обрў эътибор топган Муқимжон Маматуллаевнинг кундалик иши ўзи раҳбарлик қилаётган туман бўлинмаси фаолиятини янада жонлантиришдан иборат. Аслида шундай ҳам бўлмоқда. Унинг одамшавандалиги, ғамхўрлиги хақида тўлқинланиб гапирадилар. Айниқса болаликдан ногиронларга эътибори баланд. Масалан, “Мафтункор ранглар жилоси” ногирон болаларнинг расмлар кўрик-танловига тайёргарлик ва уни ўтказишдаги жонбозлигини айтиш мумкин. Вилоят танловида учкўприкликлар ғолиб бўлиб Тошкентга йўлланма олганликларидан хурсандмиз.

Ўзбекистон тумани бўлинмасининг раиси Асқарали Эргашев вилоят бўлими раёсати аъзоси, туман кенгаши депутати, “Жасорат” медали соҳиби. Асқарали туманда чорвачиликни ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу йўналиш бўйича туман бўлими грант лойихасини муваффақиятли ёқлади.

Инсон ҳаёти ва унинг фидокорона меҳнатини Китобга ўхшатадилар. Камтар, камсуқум, хушмуомала Бозорбой Эркабоев Боғдод тумани бўлинмасини бошқармоқда. Ўзинииг умр китобини яхшилик ва саҳоват саҳифалари билан тўлдирмоқда.

“Жасорат” медали билан тақдирланган Ҳасанбой Маликов Данғара туман бўлинмасида янги устахоналар ва компьютер марказлари ишини йўналтириб, ногиронларга ҳунар олишда кўмаклашмоқда.

Тиниб-тинчимас раисларимизнинг жамиятимизда фахрли ўринлари бор. Бувайдадан Иномжон Камолов, Фурқат туманидан Беҳзоджон Иброҳимовлар ҳам жонкуяр ҳамкасбларимиздан.