Жамият ҳақида

Инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, хайрли ишларни амалга ошириш, беғараз ёрдам кўрсатиш – миллий қадриятларимиз илдизларидан бўлиб, истиқлолимиз шарофати билан барҳаёт яшнаб келмоқда.

Имконияти чекланган кишиларга кўмаклашиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, имкон даражасида меҳнатга жалб этиш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида иштирок этишларига эришиш ва хақ- хуқуқларини ҳимоя қилиш борасида доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг ташкил этилиши ана шу ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди. Жамият ўзининг низоми асосида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида хамкорлар билан биргаликда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бундан 25 йил аввал Фарғона вилоятимизда ҳам жамиятнинг бўлими ташкил топди. Ҳозирда барча шаҳар ва туманларда бўлинмаларимиз самарали иш олиб бормоқдалар.

Тўлқин ДАДАХОНОВ

Бугун биринчи раисимиз Эргаш ака Шарофиддиновнинг ташкилотчилик ишларини ҳурмат билан тилга оламиз. Бўлимимизга тамал тошини қўйган бундай табаррук инсонлар билан фахрланамиз.

Шуни алоҳида айтмоқчиманки фаолиятимизнинг йилдан-йилга ривож топишида вилоят ҳокимлиги, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ҳомийларимиз ва жамоат ташкилотлари яқиндан амалий кўмак бермоқдалар.

Жорий йилда режаларимизнинг ҳаётга тақдим этилиши яхши натижалар берди. 2016 – йил “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида вилоят ногиронлар жамияти ўз иш режаларини ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда. “Халқаро Хотин-қизлар куни” “Наврўз” байрами, “Хотира ва қадрлаш” куни, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” кенг нишонланди. Анъанавий “Мафтункор ранглар олами” иқтидорли ногирон болалар иштирокида тасвирий расмлар кўрик-танлови ўтказилди. Совринли ўринларни эгаллаган тадбир иштирокчиларга компьютер жамланмаси, телевизор ва қимматбаҳо совғалар берилди.

Шу йилнинг ўтган даври ичида қурилаётган 200 га яқин савдо ва маиший хизмат бинолари лойиҳалари кўриб чиқилиб, ногиронларга лозим бўлган мосламалар билан таъминланди.

Бўлинмамизга турли масалалар билан мурожаат этган ногиронларнинг илтимослари мутасадди ташкилотлар билан биргаликда хал қилиниб, тегишли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, “SAMSUNG” халқаро фирмаси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан 16 дона ногиронлар аравачаси берилди.

Грант танловлари бўйича ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни ичкиликбозлик, гиёхвандлик каби иллатлардан асраш мавзуси юзасидан республика Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат, нотиржорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб қувватлаш жамоат фондининг “Соғлом ҳаёт учун” лойиҳасини ҳимоя қилинди. Ёзёвон, Тошлоқ, Қува туманлари мактабларида гиёҳвандликка қарши ўқувчилар ва ота-оналар иштирокида учрашувлар, семинар-тренинглар ўтказилди.

“Баркамол авлод” марказида мақтаб ўқувчилари ўртасида фестивал ўтказилиб, суҳбатлар, шунингдек спорт ўйинлари: теннис, шахмат-шашка, армреслинг мусобақалари бўлиб ўтди.

Республикамиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан жамиятимизда узоқ йиллик ва самарали фаолияти учун шаҳар ва туман раислари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди.

Ҳамкорларимиз – вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармаси, маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий харакати кенгаши, “Қизил Яримой” жамияти, болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси билан ишлаб келмоқдамиз.