Имконияти чекланган шахслар: уларни ўқитиш, ишга жойлаштиришдаги ютуқ ва муаммолар

 БМТ маълумотларига кўра ер юзида ногиронларнинг сони қарийб 1 миллиардни ташкил этади. Уларнинг тахминан 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Кўплаб давлатларда ногиронлар малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, жамоат транспортида юриш, айниқса, ишга жойлашишда муаммоларга дуч келишади.

Интернет сайтларида шу ҳақдаги маълумотлар билан танишиш асносида мамлакатимизда бу борада аҳвол қандай экан деган савол туғилди. Аввало, шуни қайд этиш керакки, соҳага оид норматив-ҳуқуқий база ривожланган демократик давлатлар даражасидадир. Ўзбекистоннинг тажрибасини ўрганиш кераклигини ҳатто хорижлик экспертлар ҳам эътироф этишган.

Мамлакатимизда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, 2008 йил 11 июлда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилингани, 2009 йил 27 февралда БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияси, 2011 йил 30 майда Президентимизнинг «2011 — 2015-йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда ҳукуматимизнинг қатор қа­рор­лари имзолангани юқоридаги­ фикримизни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ногиронлар жа­мияти маълумотларига қа­раганда, бугун орамизда туғ­ма ногиронлар кам, бу никоҳ­га кираётган шахсларнинг тиббий кўрикдан тўлиқ ўтиш­ларини таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, умуман олганда, соғлом бола дунёга келишига эришиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганидан далолат беради.

Ҳисоб-китобларга кўра ҳозир мамлакатимизда 600 мингга яқин ногирон бор, уларнинг 100 мингга яқини 16 ёшгача бўлган болалардир.­ Кўпчилиги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида истиқомат қилади.

Уларнинг орасида боғча, мактаб, лицей ва коллежлар­га қатнай олмайдиганлари, яъни таълим олишга лаёқатсизлари ҳам бор. Бунга имкония­ти етадиганларини ўқитиш керак. Улар келажакда қийналмаслиги учун ҳам таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қонунчилигимизда 12 йиллик таълим мажбурий ва бепул этиб белгилангани нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан Ўзбекистоннинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги энг катта ютуғи сифатида эътироф этиб кели­нади. Ўрганишлар шуни кўр­сатмоқдаки, ногирон болаларни мактабгача таълим муас­сасалари, умумтаълим мактабларига қамраб олишда муам­мо деярли йўқ, борларини ҳам йўл-йўлакай ҳал қилса бўлади. Уларнинг лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқишлари учун зарур шарт-шароит яратиб бериш эса кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Мавриди келганда, жисмоний имконияти чекланган ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Масалан, бу йил спортчиларимиз учун жуда омадли келди. Эроннинг Теҳрон шаҳрида ўтказилган футзал бўйича Осиё чемпио­натида кучли учликдан, Арманистоннинг Ереван шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида ғолиблар қаторидан жой олишди. Ампутант футболчилар ўртасида уч карра жаҳон чемпионига айланган футболчиларимиз Россияда ўтган халқаро турнирда бош совринни қўлга киритишди. Жанубий Корея­нинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган Параосиё ўйинларида вакилларимиз 22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза, жами 31 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 41 мамлакат спортчилари орасида 5-ўринни эгаллашди.

Шуни эътироф этиш керакки, ўтган йиллар мобайнида ногирон болаларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўқитиш бўйича бирмунча ишлар қилинган. Улар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 майдаги «Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари фаолияти тўғрисида»ги қарори билан Тошкент ва Фарғона шаҳарларида (Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида) 2 та, 2013 йил 6 сентябрдаги «Ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини яна­да такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан Тош­кент ва Самарқанд шаҳарларида (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимида) яна 2 та махсус коллеж ташкил этилган. Бу­гун уларда мингдан зиёд йигит-қиз таълим олаяпти. Ушбу йўналишдаги таълимни­ ривожлантиришда халқаро лойиҳалар, шу билан бирга, жамоат фондлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари­, Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг кўмаги катта бўлаяпти.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида имконияти чекланган, шу жумладан, эшитиш қобилияти паст, кар, кўр, заиф кўрувчи, турли даражадаги ақли заиф, умумий касалликлар билан касалланган ногирон ҳамда оёқ-қўлида нуқсони бор болалар ўқитилаяпти. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази маълумотларига кўра ҳозир академик лицейларда 419, касб-ҳунар коллежларида 3576 нафар ногирон йигит-қиз қамраб олинган бўлиб, улар эшитиш қобилияти паст ва кар, кўр ва заиф кўрувчи, бошқа касалликлар билан касалланганлар, ақли заифлардир.

Юқорида қайд этилган ҳукумат қарорларида ихтисослаштирилган коллежларга ногиронлар меҳнат­ ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий бошқар­маларининг йўлланмаси, «енгил даражада ақлий заиф» ташхиси қўйилган болалар эса халқ таълими ҳудудий органлари ҳузуридаги психологик-тиббиёт-педагогик комиссиялар йўлланмаси билан ўқишга қабул қилиниши қайд этилган. Уларда таҳсил олаётган ўқувчилар ётоқхона ва уч маҳал овқат билан бепул таъминланади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус,­ касб-ҳунар таълими марказининг 2007 йил 4 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида таълим олувчи имкониятлари чекланган шахс­лар учун мутахассислик­лар ва касблар рўйхати тасдиқланган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида имкония­ти чекланган шахслар учун 17 та мутахассислик бўйича махсус ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилган ҳамда амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Имконияти чекланган болаларни ўқитишда муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, бугун ногирон болалар­нинг оз қисми, яъни юқорида таъкидлаганимиздек, ўзини ўзи эплай оладиганларигина коллеж ва лицейларда ўқияпти. Ҳозир объектив сабабларга кўра оғир касал, жумладан, аравачада юрадиганларнинг аксарияти инклюзив­ таълим ололмаяпти. Умуман, ногиронларни ўқитиш учун таълим муассасаларини авва­ло зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш керак. Чунки­ ногирон болаларнинг руҳий ва жисмоний имкониятлари биноларда махсус инфратузилма бўлишини, жойлар­нинг алоҳида жиҳозланишини талаб этади. Аммо лицей ва коллежларнинг кўпида бунинг учун минимал шароит­лар ҳам мавжуд эмас.

Педагоглар махсус психо­логия ва коррекцион педагогика асосларини, соғлом болалар билан биргаликда ўқитишнинг технология ва махсус методларини ўзлаштиришмаган. Заиф кўрувчи ва эшитиш қобилияти паст ёшларга касбий таълим бериш учун қўшимча махсус жиҳозлар, дидактик воситалар талаб этилади. Масалан, кўр болалар учун брайл дисплейли компьютерлар, «гaпирувчи» ва бўртма нуқтали дарслик ва дафтарлар, катталаштирувчи мосламалар керак. Бундан ташқари, дарс­лар тифлопедагог, сурдопедагог ва тиббий ходимлар иштирокида олиб борилиши лозим. Имконияти чекланган­ ёшларга касбий таълим беришнинг масофали шаклларини ривожлантириш зарур. Педагоглар ва ишлаб чиқариш таълими усталарини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини инклюзив таълим талабларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш керак. Умуман олганда, оммавий инклюзив касбий таълимга ўтиш давлат ва жамиятнинг вақтинчалик эмас, балки биргаликдаги изчил хатти-ҳаракатларини, жумладан, илғор хорижий тажрибани маҳаллий шароитга мослаштиришни тақозо этади.

Ногирон болалар ва ёш­ларга инклюзив касбий таълим бериш кўламини кенгайтириш ва ривожлантириш учун Миллий ҳаракат режаси­ ишлаб чиқилса, унда умум­инсоний қадрият ва халқаро конвенциялар нормаларига мувофиқ инклюзив таълимнинг муваффақиятини таъминловчи барча жиҳатлар қамраб олинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза­. Эсласангиз, 2010 йил 23 июлда Тошкентда «БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғ­рисида»ги конвенцияси ижроси: хориж ва миллий тажриба» мавзусида республика­ анжумани бўлиб ўтган эди. Ногирон болалар таълим-тарбияси бўйича юқорида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарияти худди шу тадбирда ҳам илгари сурилганди. Мана, орадан тўрт йилдан зиёдроқ вақт ўтибдики, уларнинг ижросида айтарли олдинга силжиш кузатилмаган. Тўғрироғи, ҳалигача таклифлигича қолаяпти…

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги қарори билан «Олий таълим муассасаларининг бакалав­риатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ҳамда магистратура босқичларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра кириш им­тиҳонларини ўтказувчи комиссия таркибига кўзи ожизлар ёки ногиронлар жамиятининг вакили киритилади. Қабул комиссиялари кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари фанлари­ бўйича махсус тузилган жад­валга биноан маслаҳатлар ташкил этади. Қабул комиссиялари томонидан кириш имтиҳонлари 26 июлга қадар ўтказилади. Синовлардан муваффақиятли ўтган абитуриентлар давлат комиссияси билан келишилган ҳолда қабул комиссияси мажлисининг баёни ва ректорнинг буйруғи билан танловсиз давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинадилар.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарорига асосан банк муассасалари тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларга­ бераётган «таълим кредит»­лари жудаям қулай ва самарали ҳисобланади.

Ушбу қарорга асосан: чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар ҳамда I ва II гуруҳ ногирон­ларига фоизсиз таълим кредитлари бериш; кам таъминланган оилалардан бўлган та­лабалар оладиган кредит учун ҳисобланадиган устамаларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза­ қи­лиш марказлари томонидан «Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғар­ма»си маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланган.

«Олий таълим муассасалари талабаларининг стипендиялари миқдори тўғрисида»ги тартибга мувофиқ кар-соқов ва кўр талабаларга ўрнатилган миқдордан 50 фоиз кўп стипендия бериш кўзда тутилган.

Қонунчилигимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг ша­роит­ларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар қатори ногиронларни ишга жойлаштиришда ҳам турли имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги­ қонуннинг 7-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 68-мод­дасида давлат ногиронлар, шунингдек, ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёл­ғиз оналарни ишга жойлаштиришда қўшимча кафолатлар билан таъминлаши белгилаб қўйилган. Ногиронларга иш­га жойлашишида кўмак бериш «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасида ҳам назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомда ходимларининг рўйхат бўйича ўртача сони 20 нафардан кўпни ташкил этадиган ташкилотлар ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар, ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиши белгиланган. Ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг камида 3 фоизи банд қилиб қўйилади.

Иш ўринларини банд қилиб қўйиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга­ оширилади. 2014 йилда маҳаллий ҳокимликлар томонидан республика бўйича 15,9 мингта иш ўрни ногирон одамлар учун банд қилиб қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 9 ойи давомида 2,2 мингдан ортиқ ногирон жойлардаги меҳнат органларининг йўлланмалари билан ишга жойлаштирилган. Уларнинг асосий қисми Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида 2 та махсус коллеж бўлиб, уларда ногиронларга 7 та йўналишда касб-ҳунар сирлари ўргатилмоқда. 2014 йилда ушбу коллежларнинг 66 нафар битирувчиси иш билан таъминланган. Шунингдек, вазирлик тизимида ногиронлар учун 11 та реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда, уларда шу йилнинг 9 ойи давомида ногиронларнинг 5689 нафарига касбий ахборот, 1333 нафарига ўқиш ва касб эгаллаш, 4481 нафарига ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар берилган, 70 нафари эса касбга йўналтирилган.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти берган маълумотларга кўра бугун ногиронлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида меҳнат қилишаяп­ти, уларнинг меҳнатга яроқлилари асосан Наманган, Фар­ғона, Андижон ва Самар­қанд вилоятларида истиқомат­ қилади. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида бевосита жамият ёрдами билан 7 нафар ногирон иш билан таъминланган. Ишга жойлаша олмаётган ногиронлар ҳам бор. Масалан, жамиятга кў­пинча Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидагилар шу масала бўйича кўп муро­жаат этишади. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича жамиятнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларида компьютер саводхонлиги ва тикувчилик бўйича 3 ойлик курслар ташкил этилган бўлиб, уларни тамомлаган йигит-қизлар иш тополмаган тақдирда, ўз бизнесларини очишга ҳаракат қилишмоқда. Фақат бунинг учун уларга банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мақоламиз бошида эътироф этганимиздек, қонунчилигимиз мукаммал. Фақатгина уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш керак. Айниқса, меҳнатга лаёқатли ногиронларни ишга жойлаштириш масаласига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари янада жиддийроқ эътибор қаратишса, бу борада тўпланиб қолган муаммоларнинг анча-мунчаси ечилармиди?! Бундан ташқари, бу ишга нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳам кенгроқ жалб этиш, шу билан бирга, ногиронларни касаначилик асосида ишга жойлаштириш керак. Чунки бу масала ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, иш билан таъминланган имконияти чекланган шахс ўзини намоён этишга, давлат ва жамият ривожи йўлида астойдил меҳнат қилишга интилади. Энг муҳими, бу уларга одамларга қўшилиш имконини беради, жамиятга ортиқча юкман деган қарашдан халос этади.

Ҳа, айтганча, ушбу йўналишдаги ишлар жамоатчилик томонидан назорат қилинса, умуман, ногиронларга нисбатан жамоатчиликда ижобий муносабат шакллантирилса, уларни иш билан таъминлашга оид муаммолар бартараф қилинарди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ногиронларни тўлақонли фаол ҳаётга қайтариш учун уларни жисмоний имкониятларини ҳисобга олиб ўқитиш, қайта ўқитиш ва ишга жойлаштириш лозим.

Маъмуржон ПАРПИЕВ,

«Huquq va burch» мухбири