Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун кучга кирди

Президент кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 6 октябрда имзоланиб, 12 октябрда Сенат тасдиғидан ўтган ҳужжат 27 декабрдан кучга кирди.

Мазкур қонун моҳияти аҳолининг ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя соҳаси тизимидаги асосий тушунчаларни белгилашга қаратилган.

Қонун «ижтимоий хизматлар» тушунчасини «хизматлар эҳтиёжманд шахсларга ёрдам кўрсатиш, уларга бошқа фуқаролар билан бир қаторда жамият ҳаётида иштирок этиш имкониятларини яратиш ва (ёки) уларнинг одатий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш бўйича комплекс ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимий, тиббий, реабилитацион ва бошқа чоралар» сифатида англашни белгилайди.

Ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар; I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар; ҳаракатлана олмайдиган ёки ҳаракатланиши чекланган фуқаролар; ижтимоий аҳамиятга молик касаллик билан оғриган шахслар, етим болалар ва ота-она қаромоғисиз қолган болалар аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига киритилган.

Қонунийлик, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, инсонпарварлик, оммабоплик, профилактик, манзилли йўналганлик ва индивидуаль ёндашув ҳамда кўнгиллилик ижтимоий хизматларнинг асосий тамойиллари этиб белгиланган.

Ижтимоий хизматлар ижтимоий ҳамроҳлик қилиш ва консультатив ёрдам, уйда парвариш қилиш бўйича ижтимоий хизматлар, кундузги ва (ёки) қисқа муддатда бўлишга мўлжалланган муассасалар ҳамда интернат муассасаларида ижтимоий хизматлар шаклида тақдим этилади.

Ижтимоий хизматлар шу каби хизматларга эҳтиёжманд шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳаётий ҳолатини баҳолаш, индивидуаль дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш (зарурат туғилганида) ҳамда унинг мониторингини олиб бориш йўли билан тақдим этилади.